Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлигининг Турон-24 канали институмиз хақида маълумот берди

10.10.2018

9 сентябрда Тошкент кимё-технология институтида “Модификацияланган асфальт ишлаб чиқаришни автоматлаштириш технологияси” Хитой-Ўзбекистон қўшма лабораторияси очилди.

Ҳамкорликда очилган лаборатория ёрдамида юқори сифат ва самарадорликка эга асфальт ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш режалаштирилган. Эндиликда ёш изланувчи тадқиқотчилар мазкур лаборатория ускуналаридан фойдаланиб, йўл-транспорт инфратузилмасини такомиллаштириш, янги турдаги асфальт маҳсулотларини ишлаб чиқариш, жараёнларни автоматик бошқариш тизимларини тадқиқ этиш бўйича турли тажрибалар ўтказиш имконига эга бўлишади.

"Биз Тошкент кимё технология институти билан ҳамкорлик қилмоқдамиз. Хитойдан келтирилган технология ёрдамида асфальт учун таркибий қисмларни аралаштирамиз. Бу ишлаб чиқариш турли мамлакат ҳамда минтақалар учун жуда муҳимдир. Чунки биз йўллар ва иқлим шароитига тўғри келадиган маҳаллий асфальтни ётқизамиз. Ҳамкорликда очилган ушбу лабораториядаги барча ускуналар Хитой томонидан тақдим этилган. Модификацияланган асфальт ишлаб чиқаришда “SBS” сунъий каучук маҳсулотидан фойдаланамиз. Бу маҳсулот юқори даражадаги модификацияланган асфальт қилиш имконини беради", – дейди Сандонг фанлар академиясининг автоматика институти профессори Санг Донг.

Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Хитой ёрдамида келтирилган лаборатория ускуналарининг умумий қиймати 140 минг АҚШ долларини ташкил этди. Хитой-Ўзбекистон қўшма лабораториясининг очилиши ва амалиётга татбиқ этилиши Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги ўзаро ҳамкорликнинг самарали натижасидир. Йўлга қўйилган ишлар орқали изланувчилар Хитойнинг илмий-технологик салоҳиятини ўрганишмоқда.

Манба: Turon24.uz