МУСТАҚИЛЛИГИМИЗ БАРДАВОМ БЎЛСИН

27.01.2018

 Бировнинг қўлига ва юзига қараб яшайдиган инсон ва давлатнинг озодлиги бутун бўлмайди, мустақиллиги тўлиқ бўлмайди. Ҳаётнинг шафқатсиз қонуни шу: фақат ўз куч-қудратига ишонган халқгина ўз мурод-мақсадига етади.

                                                                                                            И.А.Каримов   

     Чуқур ўзгаришлар бизнинг ҳаётимизга ҳам шиддат билан кириб келмоқда.Содир бўлаётган силжишлар дунёнинг ҳозирги қиёфасини тубдан ўзгартириб юбормоқда. Бугун озодлик ва мустақиллик йилларида миллий тараққиётимиз давомида эришган ютуқларимизни сарҳисоб қилар эканмиз уларга мустабид тузум ва мустамлакачилик ҳукмронлик қилган даврда эришиб бўлмаслиги аён бўлди. Бу ютуқларимиз мустақиллик ва озодликнинг нақадар буюк неъмат эканлиги кўз олдимизда намоён бўлаверади.  У туфайли миллатимиз ўзгаларнинг қош-қовоғига қараб яшашдек, ўзи учун энг оғир азоблардан қутилиб мустақил тараққиёт йўлидан боришдек бахтга муяссар бўлди.

 Мустақиллик йилларида юртимиз ҳар томонлама ривожланмоқда. Бир пайтлар кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик деган тушунчага ҳам эга эмасдик. Бугун мамлакатимизда бу соҳа муҳим воқеликка айланди. Яъни, улар республикамиз бўйича ялпи ички маҳсулотнинг 56 фоиздан ортиғини ишлаб чиқараётгани, мазкур тармоқда жами иш билан банд аҳолининг 75-77 фоизи меҳнат қилаётгани, шу тариқа ўрта синф – мулкдорлар синфининг жамият таянчига айланиб бораётгани, ўтган даврда харид қобилияти бўйича ялпи ички маҳсулот ҳажми аҳоли жон бошига 4 марта ўсгани ва ҳозирги кунда бу кўрсаткич 6,5 минг АҚШ долларидан зиёдни ташкил этаётгани кимни ҳайратга солмайди, дейсиз.

Мустақилликнинг дастлабки йилларидан бошлаб хотин-қизларга доимий эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, оила ва жамият ҳаётидаги нуфузини ошириш, қобилият ва истеъдодини рўёбга чиқариш, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш, айниқса, қиз болаларнинг замонавий билим ва касб-ҳунарларни эгаллаб, ҳаётда муносиб ўрин олиши учун кенг кўламли ишлар амалга оширилди.

 Юртбошимиз раҳнамолигида мамлакатимизда мустақиллик йилларида аёллар масаласида 80 дан ортиқ меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинди. Жумладан, Президентимизнинг «Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2004 йил 25 майдаги Фармони ва 29 июнда Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» Фармони ижросини таъминлаш чора-тадбирлари дастури тўғрисида»ги қарори мамлакатимизда аёлларга муносабатнинг янги даражага кўтарилишини таъминлади. Ушбу Фармонга ва қарорларга биноан, маҳалла фуқаролар йиғинлари раисларининг хотин-қизлардан ҳам тайинланиши, маош билан таъминланадиган диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчилари лавозимлари ҳам жорий этилди.

Бугунги кунга келиб шуни барала айтишимиз мумкинки, биз мустақил ва осуда ватанда яшамоқдамиз. Мен истиқлол фарзандиман. Истиқлол йилларида туғилиб мустақил она юртнинг мусаффо осмонидан, соф тоза ҳавосидан, гўзал табиатидан, тотли ноз-нэъматларидан, илм олишдек кенг имкониятларидан фойдаланиш бахтига муяссарман. Юртбошимиз биз ёшларга шундай кенг имкониятларни яратиб бермоқдаларки, биз бунга жавобан  келажакда таълим, спорт, маданият, санъат шу каби бир неча соҳаларда Ватанимиз равнақини  юксак чўққиларга олиб чиқиб мамалакатимизни энг ривожланган давлатлар сафидан жой олишида ўзимизнинг муносиб ҳиссамизни қўшишимиз зарур. “Эртанги кун бизники марра бизники” шиори остида бор куч шижоатимизни ишга солиб бизга берилган шарт-шароитларни оқламоғимиз керак.

Ҳурматли юртбошимиз мустақиллигимизнинг 24 йиллиги арафасида ёзган  “Она юртимиз бахт-у иқболи ва буюк келажаги йўлида хизмат қилиш энг олий саодатдир” деб номланган асарларида: “Йиллар,асрлар синовида тобланган, кўпни кўрган, бугун эркинлик ҳавосидан нафас олиб яшаётган, ўз қадр-қимматини, инсоний шаънини, не-не улуғ зотларнинг ворислари эканини, ўзлигини англаган, миллий ғурур ва ифтихорини тиклаган, халқаро майдонда ўзига муносиб ишонган, ўз юрти, ўз фарзандларининг келажаги фаровон бўлишига интилаётган бизнинг халқимизни ҳеч қандай куч тўхтатолмайд”, деганларида нақадар ҳақ эдилар.

Биз бугунгача қанча давонлар-у, қийин ва машаққатли йўлларни босиб ўтдик. Мана шу ўтган 25 йил ичида салоҳиятли ислоҳотларга ва катта имкониятларга эга бўлдик. Бу ниманинг меваси? Бу сабр-қаноатли ва меҳнаткаш халқимизнинг тинимсиз ҳамда умид билан қилган сай-ҳаракатлари натижасидир. Юртимиз Аллоҳ назари тушган юрт деб бежизга айтишмаган. Ҳақиқатдан ҳам  бизнинг ватанимиздек серқуёш, осмони мусаффо, гўзал табиатли, меҳмондўст халқ қайда бор? Бундай юртга, гўзал ва бетакрор Ватанга жонингни фидо қилсанг  арзийди. Мен мана шу юрт фарзанди бўлганимдан, шу юртда туғилганимдан фахрланаман. Келажакдаги орзуим эса ўз бағрида эмин-эркин ўстириб, барча орзуларимни рўёбга чиқараётган юртимга сидқидилдан хизмат қилиш.Етук мутаҳасис технолог бўлиб, юртимизда ишлаб чиқарилаётган озиқ-овқат маҳсулотларини белгиланган талаб даражасида  халқимизга етказиб бериш.  Тилагим эса она юртим  мустақиллиги бардавом бўлсин.

Тошкент кимё-технология институтининг 39-15 гуруҳ талабаси

Ислом Каримов номидаги давлат

стипендиянти  Миркомилов Абдураҳмон